Афғонистонда британиялик икки аскар ҳалок бўлди

Британия Мудофаа вазирлиги Афғонистонда икки аскар ҳалок бўлганини билдирди.

Вазирлик эълон қилган баёнотга кўра, Қироллик денгиз пиёда кучлари аскари ва тиббий қисм аскари Ҳелманд вилоятининг Наҳри Сажар туманида чоршанба куни рўй берган отишмада олган жароҳати сабабли нобуд бўлган.

Баёнотда воқеа тафсилотлари ҳақида бошқа маълумот берилмаган.

Ассосиэйтед Пресс ахборот агентлиги хабарига кўра, бу билан Британия кучлари 2001 йилда Афғонистонга киритилганидан бери ўлган британиялик ҳарбийлар сони 435 кишига етган.