Озодлик билан суҳбатда бўлган ўзбек ҳожиларидан яна бири Шуҳрат ака Қурбон хайити намози жума куни Макка шаҳрида Масжидул Ҳарамда ўқилишини айтди.
- Бугун Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни. Мана Арафот тоғига келиб зиёратда бўлиб турибмиз. Эртага Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни Макка шаҳрида Масжидул Ҳарамда, Каъбатуллоҳда хайит намози ўқилади деб эълон қилинди, деди Шуҳрат ака.
Кун давомида ибодат билан машғул бўлган ҳожилар қуёш ботганидан сўнг Мино ва Арафот тоғи ўртасида жойлашган Муздалифа томон йўл оладилар. Жума куни шайтонга тош отиш амалини бажарадилар.
Яқин Шарқ минтақасининг айрим давлатларида кескинлик кучайгани боис Саудия Арабистони ҳукумати ҳаж диний ибодат эканиин таъкидлаб, зиёратчиларни ҳаж пайтида сиёсий провокациялар уюштирмаслик ҳақида огоҳлантирган.
Саудия ҳукумати ҳожилар хавфсизлигини таъминлаш ишларига 100 мингдан ортиқ полиция, хавфсизлик, мудофаа ва бошқа хизматлар ходимларини жалб қилган.
Саудиянинг Паспорт департаментига кўра, Макка ва Мадина шаҳарларига киришда ҳаж зиёратини бажаришга рухсат берувчи ҳужжатга эга бўлмаган 60 минг одам тўхтатилиб ортга қайтариб юборилган.
Макка ҳокими Шахзода Ҳолид ал-Файсалга кўра, бу йилги ҳаж ибодатини бажариш учун Саудия Арабистонига хориждан 1,7 миллион мусулмон келган. Улар орасида беш минг нафар ўзбекистонлик зиёратчилар ҳам бор.
Бу йилги ҳаж ибодатини 3 миллиондан ортиқ мусулмон бажармоқда.
Ҳаж Ислом динининг беш асосий рукнидан бири бўлиб ҳам жисмоний, ҳам моддий, ҳам руҳий ибодат ҳисобланади.