Сурияда отишмалар давом этмоқда

Идлиб вилоятининг Ҳарем шаҳридаги Озод Сурия Армияси жангчиси ҳукумат мерганига ўқ узиб пана жойга қочаётган пайт, 2012 йил 25 октябр.

Қурбон хайити кунлари ўт очишни тўхтатишга келишиб олинганига қарамай, Сурияда отишмалар давом этмоқда.

Келишув бузилганини ҳукумат кучлари, исёнчи гуруҳлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари маълум қилди.

Хабарларга кўра, якшанба куни Сурия Президенти Башар Ал-Ассадга содиқ кучлар пойтахт Дамашқдан шарқ томонда жойлашган ҳудудларни тўплардан ўққа тутган. Ҳаво ҳужужмлари уюштирилгани ҳам айтилмоқда.

Айни пайтда, Сурия шимолидаги Алеппо (Ҳалаб) шаҳри ва бошқа минтақаларда ҳам қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.

Ҳукумат кучлари ва исёнчи гуруҳлар Қурбон хайити кунлари ўт очишни тўхтатишга рози бўлганини уч кун олдин БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича маҳсус вакили Лахдар Браҳимий эълон қилган эди.