Москва КХШТ эшикларини Ўзбекистон учун очиқ қолдирмоқчи

Москва расмийлари Ўзбекистонни ҳали ҳам Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотида қолдириш ниятидан қайтмаганини кўрсатмоқда. Бу масаланинг жорий йил декабрига белгиланган КХШТ саммитида ўз ечимини топиши кутилмоқда.

КХШТдаги Россия расмий вакили Игорь Лякин-Фролов декабрда ўтказилажак Москва саммитида ташкилот аъзоларининг Ўзбекистон масаласида умумий позицияси ишлаб чиқилишини баён қилди.

Давлат Думасининг МДҲ масалалари бўйича қўмитаси йиғинида Лякин-Фролов КХШТнинг аввалги йиғилишида бу масала юзасидан дастлабки қарорга келингани ва аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг ташкилотдан чиқиб кетишини ижобий баҳолаганини эслатиб қўйди.

КХШТ Котибияти матбуот вакили Владимир Зайниддинов Озодлик мухбири билан суҳбатда, юзага келган вазиятга қарамасдан Тошкент учун ташкилотда қолиш эшиклари ҳозиргача очиқ эканини билдирди.Зайниддиновга кўра¸ Лякин-Фролов ҳам Дума қўмитаси аъзолари олдида шундай баëнот қилган:

- 19 декабр куни Москвада КХШТ президентлари Ўзбекистон қарори юзасидан якуний қарор чиқаради ва уни эълон қилади. Лякин-Фролов, Россиянинг КХШТдаги расмий вакили сифатида, Ўзбекистон ташкилотдаги аъзолигини тугатишга қараб бораётганини айта туриб¸ мамлакат сиёсий конъюнктураси ўзгариб қолиши эҳтимолини ҳисобга олиб эшикларни қаттиқ ёпмаслик хоҳишини билдирди, дейди Владимир Зайниддинов.

http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F65490233&show_artwork=true

Айни пайтда, Дума депутатлари олдида гапирган Игорь Лякин-Фролов КХШТ аъзолари ва Ўзбекистон “ташқи агрессияга қаршилик кўрсатишда ташкилотнинг кўп профилли тузилмага айланиши ва айрим бошқа масалалар юзасидан” келиша олмаганини ҳам айтди. “Шунга қарамасдан, ташкилот дастур ва вазифалари¸ Ўзбекистон аъзолиги давридагидан ҳам самаралироқ ва аълороқ даражада бажарилмоқда”, дея қўшимча қилди Москва расмийси.

МДҲ масалалари бўйича Дума қўмитаси раҳбари¸ ЛДПР аъзоси Леонид Слуцкий Ўзбекистоннинг КХШТдаги аъзолиги “ўта нозик масала“ эканини таъкидлади:

- Евросиё иқтисодий кенгаши (ЕврАзЭС) лойиҳаси Ўзбекистон учун бегона эмас. Шу ўринда, Тошкентнинг Эркин савдо ҳудудига қўшилиши масаласи устида ишни давом эттириш керак, деди Ўзбекистон ва Россия ўртасида парламентлараро ҳамкорликни жонлантиришни таклиф қилган МДҲ масалалари бўйича қўмита раҳбари Леонид Слуцкий.

Ўз ўрнида у Ўзбекистонни ташкилотга қайтариш имконларини очиқ қолдиргани учун КХШТ раҳбари Николай Бордюжага алоҳида миннатдорчилик билдирди.

КХШТ бош котиби Николай Бордюжа эса ўзининг бу масалага ëндашувини 26 октябр куни Минскда қилган чиқишида яна бир бор алоҳида урғулаб ўтди.

- Бунинг ташкилот аъзолигидан вақтинчалик чиқиш эканига умид қиламиз. Биз оқибатларини таҳлил қилиб чиқдик. Албатта, бу муайян имкониятлар чекланишига олиб келади. Афғонистон масаласида унга чегарадош тўрт давлат билан ҳамкорлик қилиш бир нарса, давлатнинг ҳамкорликдаги тадбирларда иштирок этмаслиги эса¸ мутлақо бошқа масала, дея юмшоқ қилиб ўз фикрини билдирди Николай Бордюжа.

Бош котиб, шунингдек, Ўзбекистоннинг бу ташкилотдан чиқиши ортидан КХШТ тарқалиб кетишига оид оммавий ахборот воситаларида билдирилаëтган фаразларни асоссиз, деб атади.

Ўзбекистон ҳукуматининг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги (КХШТ) фаолиятини тўхтатиши ҳақидаги қарори юзасидан якуний хулоса ташкилотга аъзо давлат раҳбарларининг 19 декабр куни Москвада бўладиган учрашувида қабул қилинади.

Ўз исми сир қолишини сўраган КХШТ расмийсининг Озодликка айтишича, йиғилишда давлат раҳбарларидан ташқари Мудофаа, Ташқи ишлар вазирлари ҳамда Хавфсизлик кенгаши котиблари ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон КХШТдаги фаолиятини тўхтатиш қарорини жорий йил июн ойида ташкилот котибиятига расман маълум қилган.

Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқишини шарҳлаëтган аксар таҳлилчилар Тошкентнинг бу демаршини бевосита Афғонистонда ўзгариб бораётган вазият ва НАТО, хусусан АҚШ билан муносабатларнинг илиқланиб қолгани билан боғлашмоқда.

1992 йил май ойида Тошкентда ўтган анжуманда минтақавий хавфсизлик гуруҳи сифатида ташкил этилган КХШТга Ўзбекистондан ташқари Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзо.

Ўзбекистон ҳукумати Тошкентда асос солинган Москва етагидаги бу хавфсизлик иттифоқидан бундан аввал ҳам бир марта чиққан.

1999 йилда КХШТ аъзолигини тарк этган Тошкент¸ Андижон қирғинидан саноқли ойлар ўтиб¸ 2006 йилда яна ташкилотга қайтган эди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Москва КХШТ эшикларини Ўзбекистон учун очиқ қолдирмоқчи