Россияда "қора рўйхат" ишга тушди

Россияда 1 ноябрдан бошлаб Интернет сайтлар реестри ишга туширилди. Мазкур реестрга мувофиқ қонунга зид маълумотлар жойлаштирилган сайтлар “қора рўйхат”га олинади ва тўсиб қўйилади.

Мазкур реестр болаларни уларнинг саломатлиги ва ривожланиишига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун доирасида ишга тушурилди. Қонунга биноан, Роскомнадзор ташкилоти талаби билан провайдерлар бир кун мобайнида зарарли деб топилган ахборотларни йўқ қилишга мажбурдирлар. Бу талаб бажарилмаса, бир кундан сўнг сайт тўсиб қўйилади.

Реестр оператори ҳисобланган Роскомнадзор ташкилотига кўра, реестр ишга тушган биринчи соатдаёқ муайян сайтларни текшириб кўриш илтимоси билан аҳолидан 95 та ариза келиб тушган.

Ҳуқуқ фаоллари ва бир қатор мухолиф партиялар Интернет сайтлар “қора рўйхати” тузиш кўзда тутилган қонунни кескин танқид қилиб чиққан эди. Уларга кўра, ҳукумат мазкур қонундан нафақат болалар порнографиясига қарши курашда, балки сайтларни сиёсий нуқтаи назардан келиб чиқиб тўсиб қўйишда фойдаланиши мумкин.