Россияда миллатчилар “Рус марши”га ҳозирланмоқда

Бугун Халқ бирдамлик куни нишонланадиган Россиянинг кўплаб шаҳарларида ва пойтахт Москвада миллатчилар томонидан ташкил этилган “Рус маршлари” бўлиб ўтади.

Москва марказида ўтказилиши мўлжалланган тадбирда, ташкилотчилар тахминича, 10 минг чоғли киши иштирок этиши кутилмоқда. Аммо полиция намойишчилар сони бундан-да кўпроқ бўлиши мумкинлиги, натижада тиқилинч юзага келиши ва ҳатто оммавий тартибсизликлар рўй бериши мумкинлигини истисно қилмаяпти.

Россиянинг қатор шаҳарларида ташкилотчилар “Рус марши” учун расмийлардан рухсат олишга муваффақ бўлганлар, юриш ўтказишга рухсат берилмаган жойларда эса миллатчилар норасмий тадбирлар ўтказишга ҳозир эканларини билдирганлар.

Аввалроқ Россия муҳожирлар федерацияси “Рус марши”ни бекор қилиш ёки ҳеч бўлмаганда, тадбирни бошқа кунга кўчириш илтимоси билан Москва мэри Сергей Собянинга мурожаат қилгандилар.

“Сова” ҳуқуқни муҳофаза қилиш маркази вакилларига кўра, ирқчилик ва миллатчилик кайфиятидаги хуружлар натижасида Россияда йил бошидан буён 11 киши ўлдирилган ва 149 нафар киши тан жароҳати олган.