Эрон АҚШ пилотсиз учқичини ўққа тутгани айтилмоқда

"Predator" пилотсиз учқичи.

Қўшма Штатлар ўзига қарашли пилотсиз учқич Форс кўрфази узра, халқаро ҳаво ҳудудида кузатув олиб бораётган пайтда Эрон томонидан нишонга олингани, бироқ уриб туширилмаганини айтмоқда.

АҚШ расмийларининг айтишича, ҳодиса 1 ноябр куни рўй берган.

Бу ҳақдаги маълумот матбуотга сизиб чиқа бошлагач, пайшанба куни ошкор қилинди.

Пентагон матбуот вакили Жорж Литтлнинг айтишича, Россияда ишлаб чиқилган иккита СУ-25 жанговар самолёти АҚШ пилотсиз учқичига қарата бир неча марта ўт очган. Бироқ кузатув учқичи Эрон ҳужумидан омон қолган ва базага қайтган, дея қўшимча қилди АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийси.

Литтлнинг айтишича, "Predator" пилотсиз учқичи ҳужумга учраган пайтда Эрон соҳилларидан тахминан 30 километр узоқликда бўлган. Халқаро ҳаво ҳудуди эса Эрон соҳилидан 22 километр узоқликда бошланади.

Вашингтон Эрон расмийларига халқаро ҳаво ҳудудига доир Форс кўрфази осмонида пилотсиз учқичлар ёрдамида кузатувларни давом эттиражаги тўғрисида билдирди, дея қўшимча қилди Пентагон вакили Литтл.