Ўзбекистонда хусусий банкларни ҳимоя қилувчи қонун қабул қилинди

Ўзбекистон парламенти давлат идораларининг хусусий банк фаолиятига аралашувини тақиқловчи қонунни маъқуллади.

“Хусусий банклар ва молия институтлари ҳамда уларнинг фаолияти кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси пайшанба куни Олий мажлис қонунчилик палатаси муҳокамасига олиб чиқилди.

Расмий хабарномага кўра, мазкур қонун "хусусий мулкка асосланган хусусий банклар ва молия институтлари фаолиятини кафолатлаш ва молия идоралари ўртасида рақобатни кенгайтиришга қаратилгандир".

Ҳозирда Ўзбекистонда 30 га яқин тижорат банки фаолият олиб боради. Лекин, мутахассисларнинг айтишларича, молия институтларининг давлат томонидан қаттиқ назорат қилиниши бу соҳанинг эркин бозор шароитида ривожланишига йўл қўймаётир.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда “Алп Жамол Банк”, “Капитал банк”, "Ўктамбанк" ва яна бир нечта хусусий банк ёпилиб, уларнинг активлари давлат тасарруфидаги "Халқ банки" фойдасига ўтказилган эди.