Россиялик журналист давлатга хиёнатда айбланмоқда

Россия Федерал хавфсизлик хизмати архангелсклик журналист ва жамоат арбоби, Туб ва кам сонли халқлар институти раҳбари Иван Мосеевни давлатга хиёнат қилганлик ва Норвегия махсус хизматларига ишлаганликда айбламоқда.

Хавфсизлик хизмати вакиллари фикрича, архангелсклик поморларни оз сонли туб аҳоли сифатида тан олинишини ёқлаб чиқаётган Мосеев Архангелск вилоятидаги ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга ҳамда Россиянинг ҳудудий яхлитлигини парчалашга уринган.

Иван Мосеевнинг ўзи бу айбловларни тан олмаяпти ва унга қарши очилган жиноий ишни махсус хизматларнинг провокацияси, деб атамоқда.

Мосеев иши бўйича очиқ суд Архангелскда 12 ноябр куни бошланиши кутилмоқда.

Асосан Архангелск ва Мурманск вилоятларида яшовчи поморлар сони, расмий маълумотларга кўра, 6,5 мингдан зиёддир. Бироқ норасмий манбалар бу эл вакиллари сони миллионга яқин эканини айтиб келадилар.