Мисрдаги фожеа туфайли транспорт вазири ишдан кетди

Мисрда фожеали автоҳалокат қурбонлари сони элликдан ошиб кетди.

Асют вилоятида болаларни ташийдиган автобус аварияга учраши натижасида ҳалок бўлганларнинг қарийб ҳаммаси ёш болалар экани айтилмоқда. Ҳалокат чоғида қарийб 15 киши тан жароҳати олган.

Маълумотларга кўра, авария болалар боғчасининг 4 ёшдан 6 ёшгача бўлган 60 дан зиёд тарбияланувчиси бир неча тарбиячи ҳамроҳлигида саёҳатга кетаётган пайтда содир бўлган. Иш жойида ухлаб қолган темир йўл ишчиси ўз вақтида шлагбаумни туширмагани натижасида автобус поезд билан тўқнашиб кетган.

Фожеадан сўнг транспорт вазири ва давлат темир йўл ширкати раҳбари истеъфога кетди.

Ҳалок бўлган болаларнинг дарғазаб ота-оналари воқеа содир бўлган жойда стихияли намойиш уюштириб, фожеа айбдорларига ўлим жазоси берилишини талаб қилганлар. Улар ўзларига ҳамдардлик билдирмоқчи бўлган Миср бош вазири ва ички ишлар вазири билан учрашишдан бош тортганлар.