Франциянинг Афғонистондаги жанговор миссияси тугади

Афғонистон пойтахт Кобулдан шимоли-шарқда жойлашган Каписа вилоятидаги икки базадан Франциянинг 400 аскари олиб чиқилди.

Француз ҳарбийлари Тағоб ва Нижроб базаларига 2003 йилда жойлаштирилган эди.

Франция Президенти Франсуа Олланд сайловолди кампанияси давомида мамлакат ҳарбийларини 2012 йил охиригача Афғонистондан олиб чиқишга ваъда берган.

Жанговор амалиётларга алоқаси бўлмаган икки минг француз ҳарбийси эса келаси йил ўртасида Афғонистонни тарк этади.

Рейтерс ахборот агентлиги хабарига кўра, 2001 йилдан бери Афғонистонда Франциянинг камида 88 аскари ҳалок бўлган.

Толибон ҳаракати Франция ҳарбийларининг олиб чиқилганини олқишлаб, АҚШ етакчилигидаги халқаро кучларни Франциядан ўрнак олишига чақирди.

Халқаро кучларнинг 2014 йил охиригача Афғонистондан олиб чиқилиши режаланган.