Қирғизистонликларнинг РФ паспортига оид имтиёзи бекор қилинди

Қирғизистон фуқароларининг Россия фуқаролигини олишини осонлаштириш ҳақида Россия ва Қирғизистон ўртасида имзоланган шартнома бекор қилинди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Нуржигит Қодирбеков сешанба куни журналистларга Россия Федерациясининг Миграция идораси 9 ноябр куни мазкур келишувни бекор қилганини айтди.

1996 йилда имзоланган келишувга мувофиқ Қирғизистон фуқаролари Россияда яшаш учун узоқ муддатли виза олганидан уч ой кейин, беш йиллик доимий яшаш муддатини ўтамай, Россия фуқаролигини олиш ҳуқуқига эга эди.

2012 йил бошида Россия Миграция идораси раҳбари Константин Ромадановский мазкур келишувни бекор қилиш жараёни бошланганини айтган эди.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда юз минглаб қирғизистонлик Россия фуқаролигини олган.