Ҳиллари Клинтон Фаластин раҳбари билан учрашди

Чоршанба куни Рамаллоҳда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон, ундан кейин БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашди. Учрашувда Фаластин-Исроил низосини бартараф этиш масаласи муҳокама қилинди.

Бан Ки Мун Фаластинни Ғазо минтақасидан Исроилга қилинаётган ракета ҳужумларини тўхтатишга чақирди.

Чоршанба куни Исроил Ғазога юздан ортиқ ҳужум уюштирди. ХАМАС Исроилнинг жанубига тўртта ракета отгани ҳақида Исроил армияси маълум қилди.

Тўққиз кундан бери давом этаётган отишмаларда 136 фаластинлик ва беш яҳудий ҳалок бўлган.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ғазо масаласини муҳокама қилиш учун Миср пойтахти Қоҳирага ташриф қилди.Миср ХАМАС ва Исроилни муросага келтириш жараёнидаги асосий ўртамчи ҳисобланади.