Суриялик исёнчилар ҳарбий аэродромни эгаллаб олганларини айтмоқдалар

Сурия озодлик армияси жангчилари.

Сурия исёнчилари Дамашқ яқинидаги Марж ас-Султон ҳарбий аэродромини эгаллаб олганларини билдирдилар.

Суриялик ҳуқуқ фаоллари маълумотларига кўра, мазкур ҳарбий базани қўлга киритиш учун жанг қилинган тунда мухолифатнинг «Сурия озодлик армияси»дан 5 аскар ҳалок бўлган.

Якшанба куни Суриянинг турли жойларида, айтилишича, 20 чоғли киши нобуд бўлган. Айни пайтда мамлакат расмийлари жанг бўлаётган ҳудудларга хорижлик журналистлар киришини тақиқлаб қўйгани учун бу маълумотларни мустақил манбалар орқали тасдиқлатишнинг имкони бўлмаяпти.

Бу орада Ироқнинг Сурия билан чегарадош ҳудуди бўлмиш Доҳукада суриялик қочқинлар учун яна бир лагер очиш режаланмоқда. Ҳозир Ироқда жон сақлаш учун бу мамлакатга қочиб келган 30 минг нафар суриялик бор.