Мисрдаги тўқнашувда Мусулмон биродарлиги аъзоси ўлди

Мисрнинг Мусулмон Биродарлиги ҳаракати ўз аъзоларидан бири президент Муҳаммад Мурсийнинг рақиблари билан бўлган тўқнашувда нобуд бўлганини тасдиқлади.

Ўнлаб одам жароҳат олгани айтилаётган зўравонлик якшанба куни Даманҳур шаҳридаги Мусулмон Биродарлиги ҳаракати идораси олдида содир бўлган.

Хабарларга кўра, норозилар Мусулмон Биродарлиги идорасига ҳужум қилган пайтда ҳаракатнинг 15 ёшли аъзоси ўлган.

Бу Мусулмон Биродарлиги ҳаракати вакили, амалдаги президент Муҳаммад Мурсий пайшанба куни ўзига мисли кўрилмаган ваколатлар бериш ҳақида фармон чиқарганига қарши авж олган норозиликларда биринчи талафот бўлгани айтилмоқда.

Ислоҳотлар тарафдорлари президент Мурсийни диктаторлик ҳукмронлигини ўрнатаётганликда айбламоқда.