Миср конституциявий суди ўз фаолиятини номаълум муддатга тўхтатди

Мисрлик судялар президент Мурсий тарафдорларининг намойишларини ўзларига нисбатан босим ўлароқ баҳоламоқдалар.

Миср олий конституциявий суди кеча «руҳий босим»га норозилик сифатида ўз ишини номаълум муддатга тўхтатиши ҳақида эълон қилди.

Аввалроқ президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари судяларнинг янги конституция лойиҳаси бўйича давлат раҳбари томонидан 15 декабрга белгиланган референдумнинг қонунийлигини муҳокама қилиш учун Қоҳирада йиғилишларига халақит бергандилар.

Референдум ижобий якунланган тақдирда Мурсий ўзининг 22 ноябр куни чиқарган декретини бекор қилишга ваъда берган. Мамлакат президенти ваколатлари кенгайтирилишини кўзда тутган бу декрет билан Мурсий судяларга ўзи томонидан қабул қилинган қарорларга протест билдиришни маън қилиб қўйганди.

Мазкур декретга қарши чиқаётган Мурсийнинг мухолифлари янги конституция лойиҳасига ҳам қарши чиқаётибдилар. Уларга кўра, бу ҳужжатларнинг айрим моддалари мамлакат фуқароларининг фундаментал ҳақ-ҳуқуқларига зид келади.