Туркия ва Россия лидерлари Сурия масаласида фикр алмашди

Россия президенти Владимир Путин (чапда) ва Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон (ўнгда).

Душанба куни Туркияда бўлиб ўтган музокараларда Россия президенти Владимир Путин ва Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сурия муаммоси юзасидан ўзаро қарама-қаршиликларни силлиқлашга ҳаракат қилишди.

Уларнинг ҳар иккаласи ҳам гуманитар бўҳроннинг олдини олиш учун қўлдан келган барча ишни амалга ошириш зарур, деган фикрда собит эканларини билдирдилар.

Путин Эрдўғонга Россия Туркиянинг ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш зарурати туфайли юзага келган хавотирини англашини билдирди, айни пайтда Россия президенти НАТО Сурия чегараси яқинига Patriot ракета комплексларини жойлаштирган тақдирда зиддиятнинг ёйилиш хавфи борлигидан огоҳлантирди.

Истанбулда ўтказилган музокаралардан кейин Туркия бош вазири икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари Сурия муаммоси бўйича ўзаро маслаҳатлашувларни давом эттириши ҳақида маълум қилди.

Эрдўғон ва Путин учрашувида савдо-сотиқ, энергетика ва банк соҳасига оид икки томонлама шартномалар имзоланди.