Ўзбекистон ва Қозоғистон Қамбарота ГЭСи бўйича ягона позицияга эга

POLIT.UZ интернет нашрининг хабар қилишича, бу ҳақда Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари Керимбек Кушербаев ўзбек-қозоқ ҳукуматлараро комиссиясининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган XII мажлисида маълум қилган.

Қозоғистон расмийсига кўра, Қирғизистонда қурилиши режаланган Қамбарота -1 ГЭСи лойиҳаси нуфузли халқаро экспертизадан ўтказилиши шарт.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг 5 декабрда Бишкекда ўтган йиғинида чиқиш қилган Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов ҳам Қамбарота -1 ГЭСи лойиҳасининг халқаро экспертизадан ўтказилиши минтақада конструктив ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар ўрнатилишига туртки бўлишини билдирган эди.

Қамбарота-1 ГЭСини қуриш юзасидан Бишкек ва Москва ўртасида шартнома имзоланган. Мазкур шартномага биноан Россия гидроиншоот қурилишига 1 миллиард 700 миллион доллар сармоя ётқизади.