Иордания қироли ва Ҳамас етакчиси Фаластин ҳудудларига сафар қилмоқда

Иордания қироли Абдуллоҳ Фаластин Мухторияти идораси жойлашган Рамаллоҳга келди. Пайшанба куни Абдуллоҳнинг Ғарбий Соҳилда мухторият президенти Маҳмуд Аббос билан учрашувдан кўзланган мақсад ўтган ҳафта БМТ Бош ассамблеяси Фаластинга кузатувчи давлат мақоми бериши ортидан ҳамжиҳатликни намойиш қилишдир.

Жума куни Ҳамас етакчиси Холид Машаалнинг Ғазо минтақасига илк ташрифи кутилмоқда. Ҳамас матбуот вакили Сами Абу Зуҳрий пайшанба куни қилган баёнотида Машаал Ҳамас Исломий ҳаракати тузилганининг 25 йиллиги муносабати билан уюштириладиган байрам тадбирларида қатнашиш учун келмоқда, дея маълум қилди.

Ўтган ойда Исроил Ғазода Фаластин жанггарилари яҳудий давлатига қарата ракета отишларини тўхтатиш мақсадида саккиз кун давомида ҳужум уюштирди.

Ислом дунёсидаги икки нуфузли шахснинг Фаластин ҳудудларига ташрифи жаҳон ҳамжамияти Исроилнинг Шарқий Қуддусда яҳудийлар учун янги уйларни қуриш режаларига қарши босимни кучайтираётган пайтга тўғри келмоқда.