Мисрда мухолифат ва президент тарафдорлари намойишлари ўтади

Мисрда сешанба куни мухолифат гуруҳлар ва президент Муҳаммад Мурсий тарафдорларининг оммавий намойишлари бўлиб ўтади.

Мухолифат президент Мурсий тарафидан таклиф этилган янги конституция лойиҳаси ва келаётган якшанба кунга белгиланган референдумга қарши чиқмоқда.

“Миллий Қутқариш Фронти” мухолиф гуруҳи янги конституция лойиҳасини “Миср халқи манфаатларини ифода этмас”лигини айтиб, унга қарши оммавий норозилик намойишларини ўтказишга чақирди.

Муҳаммад Мурсий 15 декабр куни янги конституция лойиҳаси бўйича референдум ўтказилиши арафасида армияга “ҳукумат идораларини қўриқлаш” ҳақида буйруқ берди.

Президент фармонида ҳарбийларга фуқароларни ҳибсга олиш ва “жамоат тартибини сақлаш”да полиция билан ҳамкорлик қилиш айтилган.

Танқидчилар исломчилар кўпчиликни ташкил этган парламент томонидан тасдиқланган янги конституция лойиҳаси мамлакатдаги аёллар ва озчиликлар ҳуқуқларини поймол этишини айтишмоқда.

Президент ва унинг тарафдорлари, аксинча, янги бош қомус собиқ президент Хусни Муборак ҳукумати ағдарилганидан сўнг мамлакатда рўй берган демократик ўзгаришларни мустаҳкамлашини иддао этмоқда.