Путин ташқи кучларни Россия ички ишларига аралашув оқибатларидан огоҳлантирди

Владимир Путин Россия президенти сифатида учинчи бор қасамëдга келтирилганидан бери илк бор мамлакат парламенти иккала палатаси қўшма мажлисида нутқ сўзлади:

- Бизнинг ички сиëсий жараëнларимизга бевосита ëхуд билвосита аралашиш мутлақ қабул қилинмайди. Хориждан молиявий ëрдам олиш ортидан хориждагилар миллий манфаатларига хизмат қилаëтган жамоат арбоблари Россия Федерациясида сиëсатчи бўла олмайди¸ дея огоҳлантирди ўз нутқида Путин.

Россия бўйлаб юзага чиққан норозилик тўлқинига қарамай¸ Путин жорий йил март ойида учинчи марта президентликка сайланди.

Путин Кремлга қайтгандан бери мамлакатдаги сиëсий мухолифат¸ хусусан¸ унинг етакчиларига нисбатан тазйиқ ва босимлар кучайиб бормоқда.

Мухолифат лидерлари турли айблар билан ҳибсга олинди¸ фуқаровий жамияти фаолиятига чекловлар ўрнатилди¸ оммавий йиғин ўтказиш қоидалари кескинлаштирилди.