Канада ширкати Қирғизистон ҳукумати иддаосини инкор қилди

Қирғизистоннинг Кумтор олтин кони.

Қирғизистонда олтин қазиб чиқариш билан шуғулланиб келаётган Канаданинг “Centerra Gold” ширкати атроф-муҳитга 152 миллион долларлик зарар етказгани ҳақидаги Қирғизистон ҳукумати иддаосини “бўрттирилган ва асоссиз” деб атади.

“Centerra Gold” жума куни эълон қилган баёнотда Кумтор кони лойиҳаси атроф-муҳитга сезиларли зиён етказгани экспертлар томонидан тасдиқланмагани билдирилган.

Кумтор кони масаласи уни давлат тасарруфига ўтказишни хоҳлаганлар билан бундай қилиш мамлакат учун ўта муҳим бўлган хорижий инвестицияларни тўхтатиб қўяди деган фикрдаги сиёсатчилар ўртасида қизғин бахсларга сабаб бўлиб келмоқда.

Кумтор олтин кони Қирғизистон ялпи маҳсулоти ҳажмининг 12 фоизини ва мамлакат экстортининг ярмидан кўп қисмини ташкил қилади.