Ироқ президентининг аҳволи яхшиланаётгани айтилмоқда

Ироқ Президенти Жалол Талабоний.

Ироқ расмийлари миясига қон қуйилган мамлакат президенти Жалол Талабонийнинг аҳволи “яхшиланаётганини” маълум қилди.

Чоршанба куни президент матбуот котиби Бағдоддаги касалхонада қилинаётган тиббий муолажалар Талабонийга яхши таъсир этаётганини айтди.

18 декабр куни Ироқ президентининг Интернет сайтида эълон қилинган баёнотда Талабонийнинг қони қуюқлашгани билдирилган.

Баёнотда президент душанба куни кечқурун касалхонанинг “реанимация бўлими”га ётқизилгани билдирилган.

79 ёшдаги Жалол Талабоний 2008 йилда АҚШда юрагини операция қилдирган.

У 2007 йилда тана сувсизланиши ва чарчашга қарши Иорданияда даволанган.

Жалол Талабоний Курдистондаги йирик сиёсий партиялардан бири бўлган Курдистон ватанпарварлар иттифоқи партияси асосчисидир.

Талабоний 2005 йилда араб миллатига мансуб бўлмаган Ироқнинг биринчи президенти бўлган.