Афғонистонда 16 кишини ўлдирган АҚШ ҳарбийсига ўлим жазоси сўралмоқда

Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида тинч аҳоли вакилларидан 16 кишини ўлдирганликда айбланаётган АҚШ армияси сержанти Роберт Бейлз ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Хабарларда айтилишича, ҳарбий прокурорлар Бейлзга олий жазо берилишини сўрамоқда. Бейлзнинг адвокатлари эса ўз ҳимоясидаги одамнинг руҳий саломатлиги экспертизадан ўтказилишини талаб қилаётир.

Бейлз томонидан март ойида тинч аҳоли, жумладан, 9 нафар балоғатга етмаган боланинг ўлдирилиши Афғонистонда жуда катта норозилик намойишларига сабаб бўлган. Бунинг натижасида АҚШ Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган эди.