Путин йиллик матбуот анжуманини ўтказмоқда

Мухбирлар Владимир Путинга савол бера бошлади.

Россия Президенти Владимир Путин учинчи муддатга сайланганидан бери илк бор йиллик матбуот анжуманини ўтказмоқда. Тадбир Москва вақти билан 12:00да (Тошкент вақти билан 13:00) бошланди.

Путин гапни Россия иқтисоди, ўтган йилгига нисбатан сустроқ бўлса-да, ўсишда давом этаётганини қайд этишдан бошлади. Жаҳон иқтисоди бошдан кечираётган қийинчиликлар инобатга олинса, Россия кўрсатаётган натижалар ёмон эмас, дея таъкидлади у.

Путин мухбирлар саволларига жавоб бера бошлашдан аввал мамлакатда туғилиш суръати ўсаётгани каби ички масалаларга тўхталди.

Одатда бир неча соат давом этадиган савол-жавоб тадбирида бу сафар Путинга Сурия бўҳрони каби халқаро масалалар ҳамда Россияда давом этаётган мухолифат норозиликлари каби ички сиёсатга оид саволларнинг берилиши кутилмоқда.

Путин тўрт йил давомида бош вазир лавозимида ишлагач, шу йилнинг март ойида учинчи муддатга президентликка сайланган.