Браҳимий: Суриядаги вазият ҳамон ташвишли

Душанба куни Сурия президенти Башар Асад билан учрашган БМТ вакили Лахдар Браҳимий мамлакатдаги вазият “ташвишли” эканини билдирди.

Браҳимий президент Асад билан ўтган музокаралар тафсилотларини очиқламади, бироқ Сурияда ҳукмрон бўлган вазият “ҳамон ташвишли” эканини айтди.

БМТ ва Араб лигаси тинчлик элчиси Браҳимий низода қатнашаётган “барча тарафлар сурияликлар интиқлик билан кутаётган ечимга келишига” умид билдирди.

Браҳимий ва Асад музокарасидан бир кун олдин - якшанба куни ҳукумат кучларининг ҳаво ҳужуми Халфая шаҳрида камида 90 киши ўлимига сабаб бўлан эди.

Умуман эса, якшанба кунги жанглар давомида Сурия бўйлаб қарийб 180 киши нобуд бўлди.

Сурияда 21 ойдан бери давом этаётган президент Башар Асад ҳукумати кучлари ва исёнчилар ўртасидаги тўқнашувларда 44 мингдан ошиқ киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.