АҚШни иқтисодий жарликдан қайтарувчи келишув ҳали ҳам имзолангани йўқ

Дунёнинг ярми янги йилни кутиб олганига қарамай АҚШда ҳали ҳам мамлакатни иқтисодий жар ёқасидан қайтарадиган келишув имзолангани йўқ.

Конгресс ва Сенат аъзолари келишувни янги йилга қадар имзоланишига ҳам умид, ҳам ишончсизлик билан қарашмоқда.

Айни дамда демократлар ва республикачилар битим лойиҳасини маъқуллашга жуда яқин тургани айтилмоқда.

Агар АҚШ қонунчилари янги йил келгунча муросага келмаса 1 январдан бошлаб мамлакатда 600 миллиардга солиқлар ошади ва ҳукуматнинг ижтимоий хизматлар учун ёрдами кесилади.

Бу деярли ҳар бир америкаликнинг чўнтагига таъсир қилади ва шундоқ ҳам ожиз иқтисодни барбод қилиши мумкин.

Конгрессдан келаётган хабарларга кўра, битим бўйича овоз бериш сешанба кунга кўчирилиши мумкин.