БМТ: Сурияда 60 минг одам ҳалок бўлди

Сурияда 2011 йил март ойидан бери давом этаётган зўравонликларда деярли 60 минг одам ҳалок бўлди. БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси 5 ойлик тадқиқот натижасида эълон қилган ҳисоботида мана шундай рақамни келтирган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича расмийси Нэви Пиллэйга кўра, ҳисоботда 2011 йилнинг 15 мартидан 2012 йилнинг 30 ноябригача ҳалок бўлганларнинг рўйхати берилган.

Сўнгги хабарларга кўра, чоршанба куни Сурияда ҳукумат кучларининг Малиха шаҳрига қилган авиаҳужуми оқибатида камида 30 одам ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган.

Чоршанба куни, шунингдек, Идлиб вилоятидан Франс-Пресс агентлиги билан ҳамкорлик қилган америкалик журналист Жеймс Фоли 22 ноябрда ўғирлаб кетилгани маълум қилинди. Фоли Суриядан ташқари Ироқ, Ливия ва Афғонистондаги “оловли нуқталарда” ишлаган эди.