Карзай: Афғонистонда қоладиган АҚШ кучлари дахлсизлиги масаласи йил охиригача ҳал бўлади

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай, Кобул ш., 2013 йил 14 январ.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай 2014 йилдан кейин Афғонистонда қоладиган АҚШ кучларига дахлсизлик бериш масаласи шу йил охиригача ҳал бўлишини маълум қилди.

Вашингтонга сафаридан қайтиб келган Карзай душанба куни Кобулда ўтказган матбуот анжуманида айни масала борасида АҚШ илгари сурган дастлабки таклифни Афғонистон ҳукумати рад қилганини билдирди.

- Биз яқинда Кобулда музокараларнинг навбатдаги даврасини бошлаймиз ва ўзаро фикр алмашамиз. Келишувга эришиш учун музокаралар жараёни етти, саккиз ёки тўққиз ой давом этиши мумкин,- дея баён қилди Афғонистон президенти.

Жума куни Обама шу йил баҳоригача Афғонистондаги барча ҳарбий амалиётлар устидан қўмондонлик қилиш вазифасини тўлалигача афғон армиясига топшириш ҳақида келишиб олинганини маълум қилди.

Обамага кўра, Карзай билан сўзлашувда АҚШ кучларининг 2014 йилдан кейин ҳам Афғонистонда қолиши эҳтимоли масаласи ҳам муҳокама қилинган.