Суриядаги низони Халқаро жиноят судида кўриб чиқиш сўралмоқда

БМТга аъзо бўлган 50 дан ошиқ мамлакат Хавфсизлик кенгашидан Суриядаги низони Халқаро жиноят судида кўриб чиқишни сўради.

Петиция Хавфсизлик кенгашига Швейцария тарафидан киритилган ва унга 56 мамлакат имзо чеккан.

Сурия Халқаро жиноят судига аъзо бўлмагани учун мамлакатдаги ҳарбий жиноятлар бўйича халқаро текширувлар фақат БМТ Хавфсизлик кенгаши қарори билангина амалга оширилиши мумкин.

Петицияни имзолаган мамлакатлар орасида Буюк Британия, Франция ва Германиялар бор. Россия ва Хитой ҳужжатни имзолашдан бош тортгани айтилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари Нави Пиллай Суриядаги тўқнашувларни қоралаб, президент Ассад хукумати қилган жиноятлари учун Хавфсизлик кенгаши тарафидан жавобгарликка тортилиши кераклигини айтди.

БМТ берган маълумотга кўра, Сурияда 22 ойдан бери давом этаётган тўқнашувларда 60 мингдан ошиқ киши ҳалок бўлган.

Ҳар икки тараф – президент Башар Ассад кучлари ва мухолифатчи исёнчилар ҳам ҳарбий жиноятларда айбланмоқда.