ХАЭА Эроннинг Парчин базасига кириш рухсатини олмоқчи

БМТнинг Атом энергияси текширувчилари чоршанба куни Теҳронда Эроннинг баҳсларга сабаб бўлаётган ядровий дастури бўйича музокаралар ўтказишади.

Халқаро Атом энергияси агентлиги вакиллари Эрон расмийлари билан ўтадиган музокаралар давомида мамлакатнинг жануби-шарқида жойлашган Парчин ҳарбий мажмуасига халқаро мутахассислар кириши учун рухсат берилишини сўраши айтилмоқда.

БМТ мутахассислари Парчин базасида ядровий қурол ишлаб чиқаришда ишлатилиши мумкин бўлган синовлар ўтказилганини гумон қилишади.

Шу кунгача Эрон ҳарбий база эшикларини халқаро текширувчилар учун ёпиб келмоқда.

Мамлакат Ташқи ишлар вазири сешанба кунги қилган чиқишида Теҳрон ўзининг ядровий дастури бўйича юзага келган “ноаниқликларни тугатишга” тайёр эканини айтди.

Вазир Ғарб давлатларини Эроннинг ядровий “ҳуқуқини”, жумладан, уранни бойитиш ишларини олиб бориш ҳуқуқига эга эканини тан олишга чақирди.

Ғарб ҳукуматлари Эроннинг ядровий дастури қурол яратишга йўналгани борасида хавотир билдиради. Эрон ядровий дастурининг харбий томони йўқлигини урғулаб келади.