Жазоир армияси гаровга олинган ғарбликларни қутқариш уринишларини давом эттирмоқда

Жазоир матбуотининг маълум қилишича, исломий жанггарилар томонидан гаровга олинган газни қайта ишлаб чиқариш заводидан 15 нафар хорижлик ва 30 нафар жазоирлик қочиб чиқишга муваффақ бўлган.

Ennahar хусусий телеканалининг исми сир тутилаётган расмийларга таяниб, хабар қилишича, гаровдан қочиб чиққан хорижликлар орасида француз эр-хотин ҳам бор.

Саҳрои Кабирда, Ливия билан чегарадош ҳудудда жойлашган газни қайта ишлаш иншооти чоршанба куни исломий жанггарилар томонидан босиб олинган эди.

Пайшанба куни эрталаб Жазоир армияси исломий жанггарилар ғарбликларни гаровга олган завод қуршовини давом эттираётгани хабар қилинган эди.

Жанггарилар Саҳрои Кабирда жойлашган заводда 41 кшини гаровга олганини эълон қилиб, Франциядан Малидаги ҳарбий интервенцияни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Жазоир ҳукумати гаровгирлар билан музокара қилмаслигини баён қилди. Қўшма Штатлар ва ғарбнинг бошқа давлатлари бу ҳодисани террорчи ҳужуми дея атаб, қоралади.

Жанггарилар ўнлаб эркакни гаровга олгани ва чоршанба куни кечқурун Жазоир кучларининг заводни ишғол қилиш уринишини қайтарганини иддао қилди. Жазоир ҳукумати бу иддаоларни изоҳламади.

Гаровга олинганлар орасида Британия, Норвегия ва АҚШ фуқароларининг борлиги айтилмоқда.

Саҳрои Кабирдаги газ конида қурилган завод Норвегиянинг Статойл ширкати томонидан Британиянинг BP ва Жазоирнинг Сонатрак компаниялари билан биргаликда бошқарилади. Бу иншоот Жазоир қазиб оладиган умумий газ ҳажмининг 10 фоизини ишлаб чиқаради.