Сурия расмийлари ўзларига қарши халқаро петицияни қораламоқда

БМТ маълумотларига кўра, Сурияда ҳар ой камида 5 минг киши нобуд бўлмоқда.

Дамашқ Сурияда давом этаётган ички зиддият чоғида расмийлар томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар учун уларга қарши Халқаро жиноят судига даъво аризасини топшириш зарурлиги айтилган ва БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларига юборилган халқаро петицияни қоралаб чиқди.

Сурия Ташқи ишлар вазирлигининг БМТга жўнатилган мактубида Дамашқ «айрим мамлакатлар янглиш қарашда бўлишда ва Сурия расмийларининг ўз халқини хориждан бўлган қўлловга таянмиш террорчилардан ҳимоя қилиш мажбуриятини тан олишни инкор қилишда қатъият билан давом этаётгани»дан таассуфда экани таъкидланади.

Петициянинг ўзи Дамашқ томонидан «ёлғончилик ва икки стандартлилик намойиши» ўлароқ таърифланган.

Мазкур петиция Швейцария ташаббуси билан ёзилган ва уни ҳозирга қадар камида 56 мамлакат қўллаб-қувватлаган. Бироқ БМТ Хавфсизлик кенгашида Дамашқ ишини Ҳаагага кўриб чиқиш масаласи бўйича якдиллик йўқ.

Бу ташаббус тарафдорларидан бўлган БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича муассасаси раҳбари Нави Пиллэй Сурияда ҳар ой камида беш минг одам зўравонлик қурбони бўлаётганини қайд этади.