Сурия мухолифати ал-Муаллим таклифидан бош тортди

Президент Башар Ассад режимига қарши курашаётган суриялик мухолифатчилар мамлакат ташқи ишлар вазири Валид ал-Муаллимнинг қуролсизланишга оид чақириғини рад этди.

Аввалроқ ал-Муаллим янги ҳукумат тузиш бўйича исёнчилар ва суриялик юқори лавозимли амалдорлар ўртасида музокара ўтказиш ҳақида мулоҳаза билдирганди.

- Мухолифат ҳукумат таркибини Ассаднинг атрофидаги кишилар билан муҳокама қилиб, келишмоқчи эмас, чунки бу зиддиятга сиёсий ечим топиш ҳаракатларидан воз кечишни англатади, - дея билдирди Сурия инқилобий ва мухолифат кучлари миллий коалицияси вакили Мунзир Махус якшанба куни.

Январ ойи охирида Франция пойтахти Парижда Сурия мухолифати лидерларининг навбатдаги учрашувини ўтказиш режалаштирилмоқда.