Арманистонда президентликка номзод қуролли ҳужумга учради

Ереванда 31 январ куни кечки пайт Арманистон президентлигига номзод Паруйр Айрикянга нисбатан суиқасд уюштирилди.

Айрикян шаҳар марказий кўчаларидан бирида номаълум шахс тарафидан отилган ва елкасидан яраланган.

Сиёсатчи олган жароҳат унинг ҳаётига жиддий хавф солмаслиги айтилмоқда.

Арманистон полицияси ҳужум бўйича жиноий иш қўзгади.

Касалхонага ётқизилган Айрикян билан мамлакатнинг қатор сиёсий етакчилари, жумладан, Бош вазир Тигран Саркисян учрашди.

63 ёшли Айрикян Совет даврида диссидентлик фаолияти ва махфий сиёсий ташкилотга аъзо бўлгани учун 11 йил қамоқда ва 3 йил сургунда бўлган.

Паруйр Айрикян 18 феврал куни ўтадиган Арманистон презинденти сайловларидаги саккиз номзоддан биридир.