Қирғизистонда ўзбек тилидаги умумреспублика тести бекор қилинди

Қирғизистондаги ўзбек мактаблари битирувчилари бундан буён она тилида умумреспублика тестини топшира олмайди. Бу ҳақда Қирғизистон ахборот агентликлари Таълим ва фан вазирлиги матбуот котиби Керез Жукеева сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

2002 йилда жорий этилмиш умумреспублика тест синови Қирғизистонда 10 йилдан буён қирғиз, рус ва ўзбек тилларида ўтказиб келинган.

Ўтган йили айрим қирғиз сиёсатчилари ва фаоллари Қирғизистонда ўзбек тилидаги тестни бекор қилиш талаби билан чиққандилар. Бироқ ўшанда Қирғизистон Таълим ва фан вазири Қанат Садиқов бунинг фуқаролар ҳуқуқини бузиш эканини айтиб, ўзбек тилидаги тестни бекор қилиш талабини рад этганди.

Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистонда 780 минг ўзбек яшайди. Мамлакатда 226 та ўзбек тилида ўқитиладиган мактаб фаолият юритиб, улардан 91 таси ўқиш соф ўзбек тилида олиб бориладиган, 135 таси эса аралаш олиб бориладиган мактаблардир. Бу мактабларда 150 минг чоғли ўқувчи таълим олади.

Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги ўзбек тилидаги тестнинг бекор қилинишини ота-оналар хоҳиши ва тест учун кетажак харажатларни қисқартириш истаги билан изоҳлаган.