Солиҳий: Эрон Вашингтон билан шартлар асосида музокара олиб боришга тайёр

Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий.

Эрон ўз ядровий дастури борасида Вашингтон билан шартлар асосида икки томонлама музокара олиб боришга тайёр эканини билдирди.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида ўтаётган хавфсизлик масалаларига бағишланган халқаро анжуманда сўзлаган Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий биз Вашингтон билан бевосита музокараларга қарши эмасмиз, аммо Қўшма Штатлар сўзлашувга “адолатли ва реал” мақсадларда келиши керак, деди.

Бир кун олдин айни анжуманда сўзлаган АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Эроннинг ядровий дастурини муҳокама қилиш учун Вашингтон Эрон расмийлари билан икки томонлама учрашув ўтказиш истагида эканини яна бир бор қайтарган эди.

Солеҳий Эрон билан сўзлашув олиб борган дунёнинг олти етакчи давлати музокараларнинг янги даврасини 25 феврал куни Қозоғистонда ўтказишни таклиф қилганини ҳам айтди.