Оятуллоҳ Хоманаий АҚШнинг бевосита музокара қилиш таклифини рад қилди

Эрон Олий руҳоний етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ Вице президенти Жо Байденнинг бевосита музокара қилиш таклифини рад қилди.

Пайшанба куни ҳаво қўшинлари қўмондонлари олдида қилган чиқишида бундай музокаралар “ҳеч нарсани ҳал қилмайди”, дея таъкидлади Хоманаий. Америкаликлар, “Эронга милтиқ ўқталиб туриб”, музокара қилмоқчи, дея қўшимча қилди у.

Байден ўтган ҳафта Мюнхенда ўтказилган хавфсизлик масаларига оид анжуманда қилган чиқишида Эрон ядровий дастури атрофидаги тортишувларни ҳал қилиш учун Теҳрон билан бевосита музокаралар ўтказиш таклифини илгари сурди.

Хоманаийнинг баёонтидан бир кун аввал Қўшма Штатлар Эрон нефт экспортидан оладиган даромадни қисқартишга қаратилган навбатдаги санкцияларни жорий қилди.

Ғарб давлатлари Эрон ўз ядровий дастури ёрдамида атом қуролини қўлга киритшга уринмоқда, деган гумонларни айтиб келади. Теҳрон бу айбловларни рад қилиб, ядровий дастури тинч мақсадларага қаратилганини айтади.