Ўзбекистонда фермер хўжаликларига ер майдонини ўзгартириш изни берилди

Ўзбекистон ҳукумати фермерларга ўз ер майдонини ўзгартиришга изн берди.

“Норма” нашрининг хабар қилишича, 2013 йилнинг 31 январ куни Фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Ҳужжатга мувофиқ, Фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш ихтиёрий равишда ёки фермер хўжалиги томонидан шартнома шартлари бузилган ва хўжалик фаолияти самарасиз олиб борилган тақдирда амалга оширилиши мумкин.

Ер майдонини ихтиёрий равишда мақбуллаштириш ер майдонини кенгайтиришни ҳам, уни қисқартиришни ҳам кўзда тутиши мумкин. Ўз майдонини кенгайтириш учун фермер хўжалиги давлат мулки бўлган ер майдонларини узоқ муддатли ижарага бериш бўйича танловда қатнашиши лозим.

Ер майдонини мақбуллаштиришнинг муҳим шартларидан бири бу майдоннинг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунда кўзда тутилган минимал миқдордан кам бўлмаслиги лозимлигида акс этади. Хусусан, бундаги ўлчам пахтачилик ва ғаллачилик учун камида 30 гектар, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ва бошқа экинларни етиштириш учун камида 5 гектар бўлиши керак.

“Фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштиришда ер майдони контурларининг яхлитлиги бузилишига йўл қўйилмайди”, дейилади ҳукумат низомида.

Қонунбузарлик аниқланган тақдирда тугатилган фермер хўжалигининг ер майдони олиб қўйилади ва кейинчалик бошқа даъвогарларга танлов асосида берилади.