Қирғизистонда оқланган ўзбекнинг иши Олий судда кўрилади

Қирғизистонда 2010 йил воқеаларида иштирок этганликда айбланиб суд залидан оқланиб озод этилган этник ўзбек Шамшиддин Ниёзалиевнинг иши Олий судда кўриб чиқилади. Бу ҳақда “Фарғона” интернет нашрига Ниёзалиевнинг адвокати Татяна Томина маълум қилди.

Маълумотда айтилишича, айбловчи тараф ҳам, оқловчи тараф ҳам Жалолобод вилоят судининг январ ойида Ниёзалиевга чиқарган ҳукмидан норозилик билидириб, Олий судга шикоят аризаси киритган.

Айблов Шамсиддин Ниёзалиевни Ўш қирғини кунлари Бишкек-Ўш йўлининг Санпа деб аталувчи қисмида қирғиз миллатига мансуб ўндан ортиқ одамнинг ўлдиришида иштирок этганликда айбдор деб топилишини ва бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинишини талаб этмоқда. Адвокат Татяна Томина эса Ниёзалиев Ўш қирғинидан олдинроқ Ўзбекистонга тижорат ишлари билан кетгани судда исботланганига қарамай, ўз ҳимоясидаги одамга 150 минг сўм жарима солинганига норозилик билдирган.

Шамсиддин Ниёзалиев Сузоқ туман суди томонидан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Бироқ 20 январ куни Жалолобод вилоят суди уни оқлаган ва суд залидан озорд қилган. Шамсиддин Ниёзалиевдан Санпа воқеасида одам ўлдириш айбловлари вилоят судида олиб ташланган. У фақат оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб, унга нисбатан 150 минг сўм жарима тўлаш ҳукми чиқарилган.