Обама: Бу йил 34 минг америкалик ҳарбий Афғонистонни тарк этади

АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама ўз мамлакати ҳарбийлари 2014 йил охиригача Афғонистонни тарк этишини тасдиқлади. Бу баёнотни Обама 12 феврал оқшомида Конгрессга қилган мурожаатида берди.


- Биз ватанга тақрибан 33 минг жасур ҳарбийни қайтардик. Бу йил баҳоридан бизнинг кучлар зиммаларига дастаклаш вазифасини оладилар, (хавфсизликни таъминлаш бўйича) раҳбарликни эса Афғонистон хавфсизлик хизматлари қабул қилиб олади. Бугунги кунда мен йил давомида яна 34 минг америкалик ҳарбий Афғонистондан уйга қайтишларини эълон қила оламан. Қўшинлар қисқариши давом этади ва кейинги йил охирига келиб Афғонистондаги уруш якунига етади, - деди АҚШ президенти.
Ҳозирги пайтда Афғонистондаги Қўшма Штатлар ҳарбий контингенти 66 минг кишини ташкил этади.

Ўз нутқи давомида Обама Эрон лидерларини ядровий бўҳронни дипломатик йўл билан ҳал этиш уринишида давом этишга чақирди ва халқаро коалиция бу мамлакатнинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслик қарорида қатъий эканини таъкидлади. АҚШ президенти Шимолий Корея томонидан душанба куни ўтказилган ядровий қурол синовини қоралади ҳамда АҚШ ва Россия ядро қуроллари бундан буён янада қисқартирилишига ваъда берди.

Конгрессга мурожаатда АҚШ президенти ўз мамлакатидаги ички сиёсат масалаларига ҳам тўхталди ва бунда ўз маъмурияти ўрта синфга суянишини таъкидлади.

У бюджетдаги танқисликни камайтириш вазифаси фақат ўрта синф зиммасига тушмаслиги лозимлигини қайд этди ва бойларга қўшимча солиқлар солишини кераклигига ишора қилди

Конгрессменлар олдида чиқиш қилган Барак Обама энг кам иш ҳақи миқдорини соатига 9 долларга кўтаришни таклиф қилди ва ана шундай қилинса, “ҳалол бўлиши”ни таъкидлади.

- Биз иш куни учун муносиб пул тўлаган пайтимизда иқтисодиётимиз янада кучлироқ бўлишини биламиз, - деди АҚШ президенти.

Барак Обама боқувчилари энг кам иш ҳақи оладиган икки болали оила ўзини боқа олмаслигини “адолатсизлик” деб баҳолади.

АҚШ президенти ўз маъмурияти иқтисодий соҳада қатор муваффақиятларга эришишга муваффақ бўлганини урғулади. Обама улардан иккитасига – автомобилсозликда эришилган ютуқлар ва хориждан келадиган нефтга қарамлик камайганига алоҳида тўхталди.