Афғонистон президенти халқаро кучларга норозилик билдирди

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар қўмондони АҚШ генерали Жозеф Данфордни чақиртириб тинч аҳолидан 10 киши ўлган ҳаво ҳужумига изоҳ беришни талаб қилди.

Чоршанба куни Кунар вилоятида амалга оширилган ҳаво ҳужумида бир неча толиблар жанггариси ҳам ўлгани айтилмоқда.

Афғонистон президенти матбуот хизматига кўра, Ҳамид Карзай “келажакда бундай воқеалар қайтарилмаслиги шарт экани” таъкидлаган.

Генерал Данфорд эълон қилган баёнотда тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлганидан афсусланиш билдириб, НАТО кучлари “аҳоли яшайдиган минтақаларда амалиётлар ўтказиш ва бомбардимон қилишдан тийилиш”ни ваъда қилган.

Генерал Жозеф Данфорд НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар қўмондонлигини 10 феврал куни қабул қилиб олган.

Данфорд 2014 йил охиригача халқаро жанговор кучлар Афғонистондан олиб чиқилишини назорат қилади.