Тимошенко судга олиб келинади

Украина собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко қамоқхонада.

Украинанинг собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко 15 феврал куни депутат Евгений Шчербаннинг ўлдирилиши юзасидан ўтаётган маҳкама жараёнига гувоҳ сифатида олиб келинади. Бу ҳақда Украина пенитенциар хизмати маълум қилди.

14 феврал куни Киев суди Тимошенкога 16 йил аввал ўлдирилган украиналик депутат Евгений Шчербан иши қаралмиш маҳкамага боришдан бош тортгани учун 2000 АҚШ долларига тенг жарима солган эди.

Ўтган ой Украина Бош прокурори собиқ бош вазир Тимошенко Шчербан иши бўйича гумонланаётганини билдирганди.

Хизмат вазифасини суиистеъмол этганлик айби билан етти йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Юлия Тимошенко бу айбловни тан олишдан бош тортган. У ўзига қарши айбловлар сиёсий сабабга кўра уйдирилмоқда, деб ҳисоблайди.