Туркманистонда икки сиёсий маҳбус озодликка чиқарилди

Ҳюман райтс уотч ташкилотининг маълум қилишича, сиёсий мотивлар билан қамоққа ташланган туркманистонлик икки фаол, жазо муддатини ўтиб, озодликка чиқарилган. 2006 йилда қамоққа ташланган Сапардурди Хожиев ва Аннақурбон Омонқиличев якшанба куни озодликка чиқарилгани айтилмоқда.

ҲРУга кўра, улар қамоқдалиги пайтида соғлиқлари жиддий тарзда ёмонлашган. Омонқиличев, Хожиев ва унинг опаси Ўғилсапар Муродова муҳожиратдаги Туркманистон Ҳелсинки жамғармаси билан ҳамкорлик қилган.

Фаоллар 2006 йилнинг июн ойида француз журналистларига Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақида ҳужжатли филм тайёрлашда кўмаклашгани учун қамоққа олинган эди.

2006 йилнинг августида ўтказилган ёпиқ судда уччала фаол ноқонуний қурол сақлаганликда айбдор, деб топилган эди. Муродова 2006 йилнинг сентябрида шубҳали вазиятда вафот этган, Омонқиличев ва Хожиев етти йилданга озодликда маҳрум қилинган эди.