Apple ҳакерлар ҳужумига учради

Apple ширкати ҳакерлар ҳужумига учраганини эълон қилди.

Ширкатга кўра, номаълум ҳакерлар ширкат ходимлари тарафидан ишлатилган Макинтош компютерларига вирус дастурларини ўрнатишга муваффақ бўлишган.

Бош қароргоҳи АҚШда жойлашган Apple компаниясига бўлган ҳужум ўтган ҳафта Facebook ижтимоий тармоғига қилинган ҳужумга ўхшаб кетиши айтилмоқда.

Apple ширкати вируслар фақат бир нечта компютерларни заҳарлагани ва мижозлар ҳақида ҳеч қандаы маълумот шикаст емагани ёки ўғирланмаганини билдирди.

Айни дамда ҳакерлик ҳужуми ортида кимлар тургани номаълум.

Бироқ АҚШ оммавий ахборот воситалари сўнгги вақтда АҚШ компанияларига уюштираётган кибер-жосуслик ҳужумларида Хитой ҳарбийларини айблаб келмоқда.

АҚШ ҳукумати бу масалани Хитой ҳукумати ва ҳарбий кучлари расмийлари билан ўтган учрашувларда бир неча бор кўтарган эди.