Бразилия ЖЧ-2014 хавфсизлигини таъминлашда Россия қуролидан фойдаланади

Бразилия 2014 йилда ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати ва 2016 йилда ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида ҳаво хавфсизлигини таъминлаш учун Россиянинг зенит-ракета мажмуаларини сотиб олишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда чоршанба куни Бразилияга ташриф буюрган Россия Бош вазири Дмитрий Медведев билан ўтказилган музокараларда ҳам муҳокама қилингани айтилмоқда.

Бразилия мудофаа вазирига кўра, Бразилия Россиянинг ўрта масофага мўлжалланган Панцырь С1 ер-осмон ракетаси, артилерия батареялари ва Игла-С елкадан отиладиган ракеталарига қизиқиш билдирмоқда.

Қурол сотиб олиш бўйича музокаралар март ойида бошланади.

Расмийларга кўра, Бразилия ҳукумати Россиядан қурол ишлаб чиқиш технологиясини сотиб олишни ҳам режалаштирган. Агар технология сотиб олинса, Бразилиядаги маҳаллий корхоналар Россия қуролларини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.