Исроил қамоғида фаластинлик маҳбус вафот этди

Фаластин мухторияти ҳукумати Исроил қамоқхонасида фаластинлик маҳбус Арофат Жарафатнинг ўлими юзасидан халқаро текширув ўтказиш зарурлиги ҳақида баёнот тарқатди.

30 ёшли Жарафат шанба куни вафот этган. Қамоқхона раҳбарияти маҳбус юрак хуружи туфайли вафот этганини билдирмоқда. Исроил томони мазкур воқеа юзасидан расмий текширув ўтказишни бошлади.

Исроил қамоқларида сақланаётган уч мингга яқин фаластинлик маҳбуслар Жарафатнинг ўлими муносабати билан бир кунлик очлик эълон қилди. Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги Хеврон шаҳрида норозилик намойиши ўтказилди.

Мазкур воқеа ўтган ҳафта Исроил ҳарбийлари ҳамда Исроил қамоқларида очлик эълон қилган тўрт фаластинликни қўллаб –қувватлаётган Фаластин ўсмирлари ўртасида кескин тўқнашувлар содир этилганидан сўнг бўлиб ўтди.

Исроил ҳукумати Фаластин раҳбариятини кескинлашган вазиятни юмшатиш учун ёрдам беришга чақирди.