Ҳолливудда Оскар мукофотлари топширилди

Энг яхши филм номинацияси бўйича Оскар "Арго" филми муаллифларига топширилди.

Ҳолливудда Америка киноакадемиясининг Оскар мукофоти совриндорлари эълон қилинди.

Йилнинг энг яхши филми номинациясида “Арго” филми ғалаба қилди. Бен Аффлек суратга олган бу филмда 1979 йилда Эрондаги АҚШ элчихонаси гаровга олиниши воқеалари тасвирланган.

Энг яхши актёр номинацияси бўйича Оскар ҳайкалчаси Стивен Спилбергнинг “Линколн” филмида бош қаҳрамон ролини ижро этган Дэниел Дэй-Люисга тегди. “Ийгитим савдойи” филмида бош ролни ижро этган Жениффер Лоуренс Америка киноакадемияси томонидан энг яхши актриса деб топилди.

Австриялик режиссёр Михаэл Ханеке суратга олган “Севги” филми хориж тилидаги энг яхши филм номинациясида ғалаба қилди.

Иккинчи пландаги энг яхши актёр номинацияси бўйича Оскар мукофоти Квентин Танантино суратга олган “Озод Жанго” филмида ёлланган қотил ролини ижро этган Кристоф Валцга тегди.

Виктор Ҳюго асари асосида суратга олинган “Хўрланганлар” мусиқавий филмидаги роли учун Энн Хэтэуэй иккинчи пландаги энг яхши актриса, деб топилди.

Оскар ҳайкалчаларини топшириш 85-чи маросими 24 феврал куни Hollywood & Highland Centre саройида ўтказилди.