АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларига ёрдами қисқаради

АҚШ Давлат департаменти Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларига кўрсатиладиган ёрдамни қисқартирмоқчи.

АҚШ Конгрессига киритилган таклиф маъқулланса, давлат департаменти орқали Марказий Осиёга кўрсатиладиган ёрдам жорий йилда 13 фоизга камайиб, 118,3 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Ўтган йили Марказий Осиё мамлакатларига жами 133,6 миллион долларлик ёрдам кўрсатилган. Бунда “Тинчлик ва хавфсизлик” дастури учун ажратиладиган ёрдамнинг ўтган йилги 30 миллион доллар кўрсаткичидан ўзгармаслиги кутилмоқда.

Ўзбекистон учун ажратилган ёрдам ҳам ўтган йилгидан деярли ўзгармаслиги кутилмоқда ва бу мамлакатга ажратилаётган 12,6 миллион долларлик ёрдамнинг 3,4 миллиони хавфсизлик дастурларига қаратилиши режалаштирилмоқда. Минтақа давлатлари орасида энг катта ёрдам Қирғизистонга кўрастилади. Бу республикага ўтган йилги 47 миллион долларлик ёрдам бу йил ҳам сақланиб қолади.

Кавказ минтақаси учун ёрдам миқдори 24 фоизга қисқартилиб, 121 миллион долларни ташкил этиши кўзланмоқда. Ёрдамнинг энг катта қисми, 85 миллион доллари Грузияга тегиши айтилмоқда.