Суриялик исёнчилар полиция академияси биносини эгаллаб олди

Сурия шимолидаги Ҳалаб вилоятининг Хон ал-Ассол шаҳрида шанба куни исёнчилар Полиция академияси биносини эгаллаб олганлар.

France-Presse агентлигининг қароргоҳи Британияда жойлашган суриялик ҳуқуқ фаоллари маълумотларига таянган ҳолда хабар қилишича, амалиёт чоғида ҳукумат кучларининг 34 нафар ҳарбийси ўлдирилган. Исёнчилар қанча одам йўқотгани ҳақида маълумот йўқ.

Аввалроқ суриялик ҳуқуқ ҳимоячилари оғир жанглар билан кечган ўтган ҳафтада академия биноси олдида ҳар икки тарафдан ўнлаб одам ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилганди.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш марказининг маълумотлари Сурияда президент Башар Ассад режимига қарши курашаётганлар ва шифокорлардан келаётган маълумотларга асосланган. Бу маълумотларни бошқа манбалар орқали текширишнинг имкони бўлмаяпти.

Аввалроқ Сурия президенти Башар Ассад Британиянинг Sunday Times газетасига берган интервьюсида ҳокимиятдан воз кечиш нияти йўқлигини билдирганди.